
Вилоят ҳокими Нормат Турсунов Қонимех туманида қурилиши бошланган Кенгсой канали ҳудудига бориб, амалга оширилаётган ишларни жойида кўздан кечирди.
Ташриф давомида канал қурилиши жараёни, лойиҳа доирасида белгиланган вазифалар ҳамда ҳудуддаги яйлов майдонларини сув билан таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
Жойида масъулларнинг ахбороти тингланиб, қурилиш ишларини сифатли ташкил этиш, белгиланган муддатларга қатъий риоя қилиш ҳамда лойиҳани самарали амалга ошириш бўйича тегишли топшириқлар берилди.
Маълумот учун, Навоий вилоятининг Конимех, Қизилтепа ва Навбаҳор туманларида қишлоқ хўжалиги муомаласидан чиқиб кетган қарийб 20 минг гектар яйлов ерларини қайта ўзлаштириш ишлари бошланган.
Лойиҳанинг биринчи босқичида Конимех туманида 9,3 километрлик «Кенгсой» канали қурилиб, 3 800 гектар яйлов майдонини сув билан таъминлаш ва қишлоқ хўжалиги айланмасига қайтариш кўзда тутилган.
Айни пайтда тадбиркорлар ва тижорат банклари ҳамкорлигида 2 300 гектар майдонда инвестицион лойиҳалар шакллантирилган. Уларда чорва учун озуқа экинлари, жумладан, маккажўхори ва силос етиштириш, шунингдек, 500 гектар майдонда пахта етиштириш режалаштирилган.
Лойиҳалар натижасида йилига 124 минг тонна сифатли чорва озуқаси ишлаб чиқариш, 15 минг бош майда ва 5 минг бош йирик шохли мол учун бўрдоқчилик комплексларини ташкил этиш ҳамда 400 та доимий иш ўрни яратиш режалаштирилган.
Ҳозирда ҳудудда 30 га яқин махсус техника ва 100 нафарга яқин ишчи фаолият олиб бормоқда. Шунингдек, 1,6 миллион куб метрлик резервуар ва 5 та сув ҳавзаси қурилиши бўйича ишлар жадал давом этмоқда.
